Ўзбекистон Президенти «Газ таъминоти тизимида бозор механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда UzNews хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, жорий йилнинг июнида танлов натижаларига кўра хусусий операторларга газ таъминоти объектлари ишонч бошқарувига топширилади.
Натижада хусусий корхоналар газ тақсимловчи тармоқлар эксплуатацияси ва табиий газ сотиш функцияларини бажара бошлайди. Комиссион мукофот пули табиий газ реализацияси нархининг 21 фоизидан ошмайди.
Хусусий корхоналарга топшириладиган 14 объектдан иборат рўйхат тасдиқланган. Ҳар бир вилоятда, шунингдек, пойтахтда ва Қорақалпоғистон республикасида биттадан шундай объект жойлашган.
Қуйидаги шартлар мавжуд:
- хусусий операторлар ишчилар сонидан қатъий назар Ягона солиқ тўловчилари бўлади;
- табиий ва суюлтирилган газ сотувидан келиб тушган маблағлар бевосита «Ўзтрансгаз» АК ҳисобларига келиб тушади;
- хусусий операторлар табиий газ реализациясини ишонч бошқаруви ҳақидаги келишув асосида бундай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиясиз амалга оширади, шу билан бирга, лицензион талаб ва шартларни бажаради.
2017 йил 1 январдан бошлаб қарзлари туфайли газдан узилган истеъмолчилар қайта тармоққа уланиш чоғида энг кам ойлик маошнинг икки баробарини тўлайди.
Бундан ташқари, 1 октябрдан эътиборан ҳисоблагичга эга бўлмаган истеъмолчилар табиий газ учун икки баробар кўп пул тўлайди. Замонавий электрон ҳисоблагичлар «Ўзтрансгаз» АК ҳисобидан сотиб олиниб, ўрнатиб берилади, истеъмолчилар қарзини 1 йил ичида узиши талаб этилади.
Изоҳ (0)