Ҳиндистонни ўзгартириш миллий институти тўлиқ электромобилга ўтиш бўйича режа тайёрламоқда, деб хабар беради Reuters.
Бош вазир Нарендра Моди раҳбарлигидаги институт тайёрлаган қоралама ҳужжатда 15 йиллик режа қайд этилган. Унга кўра, бу борадаги ишлар шу йилнинг ўзидаёқ бошланиши лозим.
Режа 2032 йилга қадар оддий автомобиллардан бутунлай воз кечишни кўзда тутади. Бундан ташқари, режада электромобилларни сотиб олишда ҳамда таксилар учун электр энергиясига ҳақ тўлашда солиқларни ва ссуда фоизларни камайтириш, углеводородли ёқилғида ҳаракатланувчи машиналарни сотишни чеклаш ва бундай автомобилларни сотишдан келувчи солиқни зарядлаш станциялари тармоқларини қуришга йўналтириш таклиф қилинмоқда.
Режага кўра, 2018 йилда Ҳиндистонда аккумуляторлар ишлаб чиқариш бўйича давлат фабрикаси ишга тушиши ҳамда батареяни алмаштириш жойлари очилиши лозим.
Ҳужжат муаллифлари 2025 йилга бориб, электромобиллар ва анъанавий автомобилларнинг нархи тенглашишини кутмоқда. Бундай натижага ҳукумат томонидан олиб борилиши кутилаётган чоралар, шу жумладан, субсидиялар олиб келади.
Изоҳ (0)