Ўзбекистон Республикаси Президенти «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат матнини ЎзА келтирди.
«Нукус-фарм» ЭИЗ, «Зомин-фарм» ЭИЗ, «Косонсой-фарм» ЭИЗ, «Сирдарё-фарм» ЭИЗ, «Бойсун-фарм» ЭИЗ, «Бўстонлиқ-фарм» ЭИЗ ва «Паркент-фарм» ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
доривор ўсимликлар хом ашёсини ўзига хос табиий шароитларда етиштириш ва кейинчалик қайта ишлаш борасида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш;
юқори қўшилган қийматли замонавий фармацевтика маҳсулотлари ва дори воситаларини ишлаб чиқаришни, биринчи навбатда белгиланган тартибда ташкил этилган плантацияларда етиштирилган доривор моддалар (субстанциялар) ҳамда доривор ўсимликлар хом ашёси негизида ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш;
доривор ўсимликлар хом ашёсини қайта ишлаш ва дори воситалари, тиббиёт буюмлари, ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги замонавий ишлаб чиқариш ва қувватларни ташкил этиш;
мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ва эркин иқтисодий зоналар ташкилотлари ҳамда республикамизнинг бошқа корхоналари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш асосида маҳаллий доривор ўсимликлар хом ашёси ва материаллари негизида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;
доривор ўсимликлар хом ашёси интродуксия ва култивациясини ўрганиш бўйича тажриба-экспериментал лабораториялари бўлган илмий-тадқиқот марказлари ташкил этиш.
«Нукус-фарм» ЭИЗ, «Зомин-фарм» ЭИЗ, «Косонсой-фарм» ЭИЗ, «Сирдарё-фарм» ЭИЗ, «Бойсун-фарм» ЭИЗ, «Бўстонлиқ-фарм» ЭИЗ ва «Паркент-фарм» ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати, кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади;
фаолият кўрсатиш муддати мобайнида «Нукус-фарм» ЭИЗ, «Зомин-фарм» ЭИЗ, «Косонсой-фарм» ЭИЗ, «Сирдарё-фарм» ЭИЗ, «Бойсун-фарм» ЭИЗ, «Бўстонлиқ-фарм» ЭИЗ ва «Паркент-фарм» ЭИЗ ҳудудларида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режимлари амал қилади.
«Асака» АTБ ва бошқа тижорат банкларига:
«Нукус-фарм» ЭИЗ, «Зомин-фарм» ЭИЗ, «Косонсой-фарм» ЭИЗ, «Сирдарё-фарм» ЭИЗ, «Бойсун-фарм» ЭИЗ, «Бўстонлиқ-фарм» ЭИЗ ва «Паркент-фарм» ЭИЗ ҳудудларида амалга ошириш таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун, шунингдек, доривор ўсимликлар хом ашёсини етиштириш бўйича плантациялар ташкил этиш учун хўжалик юритувчи субъектлар ва фермер хўжаликларига ўз маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати берилмаган ҳолда жалб этилган хорижий кредит линиялари ҳисобига кредитлар ажратиш;
гаров таъминоти етарли бўлмаган ёки мавжуд бўлмаган ҳолларда инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига технологик ускуналар лизинг асосида етказиб берилишини таъминлаш тавсия этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятлари ҳокимликлари бир ой муддатда белгиланган тартибда:
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда «Нукус-фарм» ЭИЗ, «Зомин-фарм» ЭИЗ, «Косонсой-фарм» ЭИЗ, «Сирдарё-фарм» ЭИЗ, «Бойсун-фарм» ЭИЗ, «Бўстонлиқ-фарм» ЭИЗ ва «Паркент-фарм» ЭИЗ таркибига киритиш учун ташқи муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси билан яхши таъминланганлигини ҳисобга олган ҳолда ер участкалари чегаралари белгиланишини ва уларнинг ажратилишини;
ер участкаларини аниқлаш ва кейинчалик уларни доривор ўсимликлар хом ашёси етиштириш бўйича плантациялар ташкил қилиш учун берилишини таъминлайди.