Тошкент шаҳар ИИББга келиб тушган маълумотга асосан, 2017 йил март ойининг бошида 1982 йилда Тошкент вилоятида туғилган Ҳамид Султонов исмли фуқаро 18 ёшга тўлмаган икки қизни фоҳиша сифатида ишлатаётгани аниқланган.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББда 4 май, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.
Гумонланувчи жабрланувчи қизларни яланғоч ҳолда суратга тушириб, агар унинг талабларини бажармаса, фотосуратларни қизларнинг ота-онаси ва ўқув муассасасига жўнатиш билан қўрқитган.
Шу тариқа фуқаро вояга етмаган қизларни мажбуран фоҳиша сифатида ишлатиб келган.
Ўтказилган тадбир давомида Султонов фуқаро З. дан фоҳиша сифатида ишлаб топган 240 минг сўм миқдордаги пул маблағини олаётганда далилий ашё билан қўлга олинган.
Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Султоновга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси учинчи қисмининг «а» банди (одам савдоси, одамни олиш ва сотиш, одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш аломатлари) билан жиноят иши қўзғатилган.
Фуқарога нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси тайинланган.
Изоҳ (0)