12 июнь куни бўладиган Эрон ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйин 21:15 га тайин қилингани ҳақида ЎФФ матбуот хизмати хабар берганди.
ЖЧ—2018 саралашидан ўрин олган тўқнашув Тошкент вақти билан 21:45 да старт олади. Икки мамлакат соатлари ўртасидаги фарқ бор-йўғи 30 дақиқани ташкил қилиши инобатга олинса, кечки 9 дан кейин бошланадиган учрашув вақти айрим кишиларни ҳайрон қолдириши мумкин.
ЎФФ учрашув нима сабабдан бундай кеч вақтга тайин қилинганига ойдинлик киритмаган. Регламентга кўра, ўйин вақтини мезбон томон ўзи белгилаш ҳуқуқига эга. Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этадиган форс клублари ўз майдонларидаги ўйинларни камдан-кам ҳолатда бундай кеч ўтказади.
Ёз фасли арафасида Рамазон ойи кириб келиши инобатга олинса, 21:15 балки тушунарли бўлиши мумкин. Ўз вақтида Ўзбекистонга ташриф буюрган араб мамлакатлари футболчилари икки тайм ўртасидаги танаффус вақтида оғиз очган ҳолатлар ҳам бўлганди. Теҳрондаги беллашувда эса рўза тутадиган футболчиларда бундай муаммо бўлмаслиги катта эҳтимол.
21:15 қарорига айнан Рамазон ойи сабабми ёки йўқлиги борасида аниқ маълумот берилмаган.
Изоҳ (0)