Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасидаги «Оқ олтин» ва «Малик» автойўл ўтказиш пунктлари 15 майдан иш бошлаши керак. Бу Ўзбекистон Президентининг 26 апрелдаги қарорида кўзда тутилган, деб ёзади «Газета.uz».
Тошкент ва Самарқандни қисқа йўл орқали боғловчи M-39 трассасида жойлашган ушбу ўтказиш пунктлари фақат енгил автотранспорт ўтиши учун фойдаланилади. Тижорат мақсадида юк ва товарларни ушбу пунктлар орқали олиб ўтиш тақиқланган.
Қозоғистонга қараб нотранзит мақсадларда йўл олган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, Қозоғистон фуқароларига нисбатан чегара назорати қонунчилик томонидан белгиланган тартибда ва Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.
Жанубий Қозоғистон вилоятининг Пахтаорол тумани ҳудуди бўйлаб узлуксиз транзит билан кетаётган Ўзбекистон фуқаролари соддалаштирилган тартибда — чегара белгилари қўйилмасдан ўтказилади.
Иккита ўтказиш пунктида ҳам божхона назорати соддалаштирилган тартибда амалга оширилади: божхона декларацияларини тўлдириш, рўйхатдан ўтиш ва транспорт воситаларини божхона кўригидан ўтказиш шарт эмас, аммо улар мажбурий равишда кўздан кечирилади.
Изоҳ (0)