2017 йил 27 апрель куни Тошкент шаҳар фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усманов олиб борди, деб хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.
Унда 2017 йилнинг биринчи чорагида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Йиғилишда йилнинг биринчи чорак якунлари бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 108,9 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 111,0 фоизга, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 106,8 фоизга, асосий капитал инвестициялар 115,6 фоизга, пудрат-қурилиш ишлари 109,8 фоизга, чакана савдо айланмаси 110,6 фоизга, хизматлар 113,3 фоизга ўсиши таъминланганлиги таъкидланди.
Мажлисда 2017 йилги Инвестиция дастурига киритилган объектларни қуриш, модернизациялаш ва реконструкция қилиш юзасидан буюртмачилар ва қурилиш ташкилотлари ўртасида пудрат шартномалари тузишнинг ҳолати, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти самарадорлигини ошириш, кўп қаватли уй-жойлар қурилиши ҳамда ободонлаштириш тадбирлари атрофлича кўриб чиқилди.
Табиий газ, электр ва бошқа коммунал соҳалардаги мавжуд кредиторлик ва дебиторлик қарзларни тугатиш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилиниб, корхоналарнинг барқарор молиявий аҳволини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, тез ва шошилинч тиббий ёрдамнинг сифатини ошириш, аҳолини мақбул нархлардаги дори воситалари билан таъминлаш ҳамда таълим муассасалари фаолиятидаги мавжуд камчиликлар таҳлил қилинди.
Фуқаролар томонидан берилган ариза ва мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда туманлар ва бошқармаларда ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чоралари кўрилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)