Тошкент шаҳрида 2017 йилнинг илк чорагида шаҳар соғлиқни сақлаш тизимидаги раҳбарларнинг 17 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар фаоллари йиғилишида айтилди, деб хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.
Ишдан олинган раҳбарлар ўрни юқори малакали, ҳалол, пок, виждонли, масъулиятли ходимлар билан тўлдирилди, 22 нафари ротация қилинди.
Тадбирда қайд этилишича, тизимдаги ўрганишлар натижалари тиббиёт муассасаларига ажратилаётган дори воситалари камлигини кўрсатган. Бу муаммони ҳал қилиш учун шифохоналарга дори-дармон ва боғлов воситалари харид қилишга ажратилаётган маблағ икки баробар, айримларида эса уч баробарга маҳаллий бюджет ҳисобидан кўпайтирилди.
Йиғилишда пойтахтдаги 60 та оилавий поликлиникага аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун 120 дона Damas русумли автотранспорт воситасини бериш бўйича тегишли ишлар амалга оширилаётгани маълум қилинди.
Изоҳ (0)