Ўзбекистон Олий суди раиси Ш.Ғозиев Сурхондарё вилоятида ўтказган икки кунлик сайёр қабулида тадбиркорларнинг суд тизими билан боғлиқ мурожаатларини ўрганди, деб хабар беради ЎзА.
Жумладан, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланадиган термизлик Мусурмонқул Холматов Шеробод туманидаги Хўжаикон туз конининг давлат мулки бўлган шифохонасини хусусийлаштириб олиб, хусусий даволаш масканига айлантирган. Табиий туз ёрдамида аллергия ва бронхиал астма каби касалликларни даволашни йўлга қўйган.
«Етти йил давомида бу масканда кўплаб юртдошларимиз дардига малҳам топди, – деди М.Холматов. – Қонун доирасида хусусийлаштириб берилган мулкнинг эгалик ҳуқуқини бекор қилиш бўйича Термиз туманлараро фуқаролик суди 2014 йил қарор чиқарди. 2015 йил иш қайта кўрилиб, бизнинг фойдамизга ҳал бўлди. Шундан кейин ҳам суд жараёни давом этди. Хуллас, ўтган йили мулкни биздан олиб қўйиш бўйича Олий суднинг қарори чиқди. Хусусий мулкимизни ҳали олиб қўйишмаган бўлса-да, фаолиятимиз тўхтаб, биноларимиз қаровсиз ҳолга келиб қолган. Ушбу масалада Президент Виртуал қабулхонасига мурожаат этган эдик. Мана, бугун Олий суд раиси бизни тинглаб, муаммони ўрганди. Белгиланган муддатда қайта кўриб чиқиб, қонуний ечимини топишга ваъда берди».
Олий суд раиси қабулида Willi Betz Болгария–Германия компанияси вакиллари компания томонидан Термизда дуч келган муаммонинг қисқа вақтда қонуний ечимини топилганидан мамнунлигини айтиб, давлат раҳбаридан миннатдор эканини билдирди.
Сайёр қабулда Термиз шаҳри, Термиз, Музработ, Жарқўрғон, Бойсун, Ангор туманларида истиқомат қилаётган айрим фуқароларнинг уй-жой ва ер участкасига доир низолар билан боғлиқ мурожаатлари ҳам тингланди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)