Facebook одамларга ташқи қурилмаларни қўлламасдан туриб, компьютердан фикр кучи ёрдамида фойдаланиш имконини берувчи усулларни ишлаб чиқмоқда, деб ёзади «ТАСС».
Компания ахборотни компьютерга узатиш учун мияни сониясига юзлаб марта сканерловчи оптик томографиядан фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Building 8 бўлими бошлиғи Регина Дуган соҳага оид F8 конференциясида маълум қилди.
Facebook миядаги нутқ марказлари фаоллигини кузатишда ёрдам берувчи махсус датчикларни ишлаб чиқмоқда. Регина Дуган таъкидлашича, тизим одам ўртоқлашмоқчи бўлган фикрларнигина расшифровка қилади. Building 8 бошлиғи ўз нутқи чоғида фалаж аёл махсус имплант ёрдамида фикр кучи билан дақиқасига саккизта сўз тезлигида ҳарф тераётгани акс этган видеони кўрсатди.
Регина Дуган, шунингдек, Facebook карларга «эшитиш»да ёрдам берувчи, яъни товушларни вибрация ва сигналларга айлантириб, фойдаланувчига ҳис эттириш имконини берувчи технологияларни ишлаб чиқаётганини айтди.
Изоҳ (0)