АҚШнинг Арканзас штати судлари 7 нафар маҳбусга нисбатан чиқарилган ўлим жазоси ижросини заҳарловчи моддалар ишлаб чиқарувчи McKesson компанияси норозилиги сабабли қолдирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Қотиллиги учун олий жазога ҳукм қилинган 7 нафар эркакнинг қатли апрель ойига мўлжалланган эди. Уларга оғриқ қолдирувчи ва яна икки модда инъекция қилиниши кўзда тутилганди. Препаратлардан бири юрак, иккинчиси эса ўпка фаолиятини тўхтатишга мўлжалланган.
Штат расмийлари мазкур препаратлардан бирини компаниядан сотиб олган, бироқ унинг нима мақсадда ишлатилишига изоҳ бермаган.
McKesson вакиллари препарат тиббий мақсадда ишлатилишини тахмин қилган эди, бироқ у жиноятчиларни қатл этиш учун фойдаланилишини билганидан сўнг, компания Арканзас расмийларидан келишувни бекор қилиш ва препаратни қайтаришни талаб қилди, аммо ҳозиргача бу амалга оширилмади.
Штат олий ва округ судлари бу борадаги тортишув якунига етгунга қадар 7 нафар маҳбус қатлини қолдиришга қарор қилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)