Ўзбекистонлик 4 нафар боксчи Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бокс бўйича давом этаётган Қирол кубоги—2017 халқаро турнирининг финал йўлланмасига эга чиққани ҳақида хабар берилган эди.
«Sports.uz» нашрининг ёзишича, -49 килограмм вазн тоифасида иштирок этаётган Ҳасанбой Дўстматов ва -69 килограмм вазндаги Шаҳрам Ғиёсов финал беллашувларига чиқмайди.
«Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби ушбу турнир 30 апрель – 7 май кунлари Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатига тайёргарлик босқичи бўлгани учун жамоамизнинг энг тажрибали боксчилари – Ҳасанбой Дўсматов ва Шаҳрам Ғиёсовни финал жангига чиқармасликка қарор қилди. Мураббийлар WSB турнирида Uzbek Tigers жамоаси жангларида ҳам иштирок этаётган боксчиларни кутилмаган жароҳат орттириб олишдан сақлашни кўзламоқда», – дейилади «Sports.uz» хабарида.
Финал йўлланмасини қўлга киритган қолган икки боксчи – Элнур Абдураимов ва Исроил Мадримов ҳал қилувчи беллашувларни ўтказади.
64 килограммгача вазн тоифасида рингга чиқаётган Элнур Абдураимов мезбонлар вакили Вуттичаи Масукка қарши жанг қилади. Таиландлик боксчи Тошкентда ўтказиладиган Осиё чемпионатида қатнашади ва ўзбекистонлик мураббийлар бу боксчининг имкониятларини ўрганишни Элнур учун вазифа қилиб қўйди.
Шунингдек, Тошкентда бўладиган Осиё чемпионати Германияда ташкил этиладиган жаҳон чемпионатига саралаш вазифасини ўтайди. Таиланддаги турнир финалида Исроил Мадримовга қарши жанг қиладиган кубалик Ослей Иглесиас Эстрада ўз вазн тоифасида жаҳон чемпионлигига даъвогар боксчилардан саналади.
Қайд этиш жоиз, Элнур Абдураимов ва Исроил Мадримов ҳам Uzbek Tigers жамоаси аъзолари ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Таиланддаги Қирол Кубоги–2017 мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя Жасурбек Латипов (-52 кг), Шаҳобиддин Зоиров (-56 кг) ва Муроджон Аҳмадалиев (-60 кг) ярим финалда ўз юришини тўхтатиб, бронза медали билан чекланди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)