Ўзбекистонга учинчи «Афросиёб» электропоездининг олиб келинганлиги муносабати билан жорий йилнинг 10 апрелидан бошлаб, Тошкент—Самарқанд—Тошкент йўналишида ҳам юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларнинг мунтазам қатнови йўлга қўйилади.
Шу сабабли «Афросиёб» электропоездларининг ҳаракатланиш вақтига ўзгартиришлар киритилди, деб ёзади Uz24.
Тошкент—Қарши—Тошкент йўналишида 760/759-сонли «Афросиёб» электропоезди куннинг биринчи қисмида эрталаб соат 7:00 да Тошкент марказий вокзалидан манзил томон ҳаракатланса, куннинг иккинчи қисмида соат 16:48 да Қарши вокзалидан ортга қайтади.
Тошкент—Бухоро—Тошкент йўналишидаги 762/761-сонли электропоезд эса соат 7:30 да пойтахтдан Бухоро томон ҳаракатни бошлаб, шу куни 15:51 да ортга қайтади.
Тошкент—Самарқанд—Тошкент йўналишида йўлга қўйилган 764/763-сонли юқори тезликдаги «Афросиёб» эса эрталаб соат 8:00 да вокзалдан жўнаб, куннинг иккинчи қисми 17:00 да Тошкентга қайтади.
Шунингдек, 10 апрелдан бошлаб, Тошкент—Бухоро йўналишидаги «Шарқ», Тошкент—Қарши йўналишидаги «Регистон» ҳамда 380/379-сонли Тошкент—Термиз йўналишидаги йўловчи поездлар ҳаракатланиш вақтига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Бу борада белгиланган ўзгаришларни www.railpass.uz веб-сайтидан билиб олишингиз мумкин.
«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ Тошкент—Бухоро—Тошкент йўналишидаги «Афросиёб» электропоездига 10 апрель санасидан кейинги қатнов кунларида чипта харид қилган йўловчиларга шу кундан бошлаб поезд Бухорога 8:00 да эмас балки 7:30 да ҳаракатланишини маълум қилади. Харид қилинган чипталарни чиптахонадан алмаштирмасдан туриб янги кўрсатилган вақтда фойдаланиш мумкин.
Изоҳ (0)