Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22 март куни давлат ташрифи билан Остона шаҳрига келди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат байроқлари билан безатилган Остона халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Тантанали кутиб олиш маросимидан кейин Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.
Ташрифнинг асосий воқеалари 23 мартга белгиланган. Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилиниши, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилиши мўлжалланган.
Шавкат Мирзиёев ташрифи доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси, икки мамлакат ишбилармон доираларининг нуфузли делегациялари иштирокида бизнес-форум ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Ўзбекистон Президентининг ташрифи якунлари бўйича давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро бир қатор муҳим ҳужжатлар, Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган салмоқли шартномалар имзоланиши режалаштирилган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)