General Electric (GE) компанияси 2017—2019 йилларда Ўзбекистонда саноат ва ижтимоий-хўжалик ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 388 миллион долларлик 13 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда.
Мазкур режалар Америка компаниясининг Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги билан имзоланган ўзаро англашув меморандумида ўз ифодасини топган. Бу ҳақда, вазирлик матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Ҳужжат GE вице-президенти Роналд Жеймс Поллеттнинг март ойи бошида Ўзбекистонга уюштирган сафари жараёнида имзоланган.
Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, GE «Ўзкимёмаш» АЖнинг Чирчиқдаги қувватларида нефть-газ ускуналарини (компрессор агрегатлари, детандер-генераторлар, юқори босимли насослар) ишлаб чиқариш, Шўртан газ-кимё мажмуаси базасида инжиниринг маркази ҳамда Бухоро таъмир-механика заводида нефть-газ, энергетика ва кимё саноати ускуналарини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича сервис марказини ташкил этишни мақсад қилган.
Америка компаниясининг маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қувватларни эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) ҳудудларига жойлаштиришни режалаштирмоқда. Жумладан, «Навоий» ЭИЗда — фотоэлектр панеллари, саноат ва хўжалик инверторлар, «Ангрен» ЭИЗда — ўлчов ускуналари ва технологик жараёнларни назорат қилиш тизимларини ишлаб чиқариш, «Ҳозарасп» ЭИЗда — саноат ветрогенераторларини йиғишни ташкил этади.
Тошкентда GE компанияси Artel Engineering билан биргаликда инновацион тиббий техникалар (ультра товуш ва рентген ускуналари, сунъий ўпка вентиляция жиҳозлари ва электрокардиографлар) ишлаб чиқаришни режалаштирган.
Тошкент механика заводи қувватларида электр асинхрон двигателлар ва ёруғлик диодли ёритиш ускуналарини ишлаб чиқариш мўлжалланган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)