Эфиопия пойтахти Аддис-Абеба шаҳри яқинида ахлатхона ўпирилиши оқибатида камида 46 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда 12 март, якшанба куни Associated Press хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, аксарият қурбонлар аёллар ва болалар бўлган. Ахлат уюми остида ўнлаб одамлар қолган, шунинг учун қурбонлар сони ошиши мумкин. Ахлат ўпирилиши вақтида воқеа жойида, тахминан, 150 киши бўлган, 37 нафарини олиб чиқишга муваффақ бўлинди. Қутқарув ишлари давом этмоқда.
Ахлат ҳам вақтинча, ҳам бетонли уйларни қоплаган. Қайд этилишича, одамлар уйларнинг арзон бўлгани учун шу ерда яшаган.
50 йилдан буён Аддис-Абебадан чиқиндилар келтириладиган ахлатхона ўпирилишининг сабаби ҳозирча номаълум. Сўнгги йилларда бу ерга ахлат олиб келиш тўхтатилганди, аммо маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, ахлат олиб келиш яна бошланди.
Маҳаллий ҳукумат расмийлари ахлатхона яқинида яшайдиганларни бошқа жойга кўчиришга ваъда берди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)