Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида 7 март куни Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси мутахассисларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
Делегация Ўзбекистоннинг сайлов жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишда ҳамкорлик қилиш мақсадида ташриф буюрган.
Жумладан, «Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати» лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек истиқболда сайлов чоғида мутахассисларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича кўникмаларини шакллантириш йўналишида ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.
Учрашув чоғида делегация мамлакатимизда «электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологияларининг давлат органлари фаолиятида татбиқ этилиши, юридик ва жисмоний шахсларнинг маълумотлар базаларини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг натижалари билан танишган.
Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси 2013-йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унга 102 давлатнинг 106 та сайлов органи аъзо бўлган. Ташкилот бош қароргоҳи Жанубий Кореяда жойлашган.
Ассоциация унга аъзо давлатларнинг сайловларни очиқ ва самарали ташкил этиш, сайлов жараёнларини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан самарали ўтказиш бўйича тажриба алмашишларини мувофиқлаштиради.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!