Xiaomi ўзининг Mijia шўъба корхонаси билан биргаликда профессионал спортчилар учун машғулотларни кузатиб боришга мўлжалланган 90 Minutes Ultra Smart «ақлли» кроссовкасини тақдим этди, деб ёзади «Hi-tech.mail.ru». Пойабзал Intel Curie модулида ишлайди.
Intel Curie чипи датчиклар, акселерометр ва гироскопдан маълумотларни тўплашга жавоб беради. Кроссовка профессионал спортда фойдаланишга мўлжалланган, у босиб ўтилган масофа, тезлик ва калорияни ҳисоблайди. Дастурнинг ўзи кроссовканинг эгаси қандай жисмоний юклама билан шуғулланаётганини аниқлайди.
Кроссовка бир марта олган қувват икки ой фойдаланиш учун етади. Машғулотлар ҳақидаги маълумотлар Bluetooth орқали смартфондаги Mi Fit дастури билан синхронлашади.
Кроссовка дизайнини Shanghai Runmi Technology компанияси ишлаб чиқди. Оёқ кийим махсус амортизацияловчи материаллардан ясалиб, антибактериал патак ва тоймайдиган тагчарм билан таъминланган. Куннинг қоронғи вақтида ёниб турадиган чироқчалари ҳам бор.
Xiaomi кроссовкалари 15 апрелда сотувга чиқади. Хитойдаги нархи — 299 юань (тахминан 43 доллар).
Изоҳ (0)