2017 йил 27 февраль куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги Янги боғ ҳудудида ўзининг икки ёшли фарзандини сотаётган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Андижон вилоят божхона бошқармаси ахборот хизматига таяниб, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
24 ёшли булоқбошилик аёл ўзининг 2015 йилда туғилган қизалоғи учун 20 миллион сўм сўради. Тезкор тадбирга жалб қилинган ёлланма «харидор» аввалига тўққиз миллион сўм, боланинг ҳужжатлари тайёр бўлгач, яна тўққиз миллион сўм беришини айтгач, қизчанинг нархи 18 миллион сўмга тушди.
«Харидор» сотувчи аёлга шахсини тасдиқловчи бирорта ҳам ҳужжати бўлмаган бу қизалоқни кейинчалик қўшни давлатга олиб чиқиб, у ердаги қариндошларига беришини, тегишли ҳужжатлар ҳам у ерда расмийлаштирилишини, шу боис фарзандини бошқа кўра олмаслигини айтди. Сотувчи она эса тўққиз миллион сўмни санай бошлади.
Андижон вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида булоқбошилик аёл тўққиз миллион сўмни санаб олаётган вақтида — жиноят устида қўлга олинди.
Айни пайтда жиноят қурбонига айланишдан сақлаб қолинган қизалоқ вилоят меҳрибонлик уйига белгиланган тартибда топширилиб, керакли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Унинг онасига нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан жиноят иши қўзғатилди. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)