Алишер Усмоновдан совға сифатида Рублёвкадаги данғиллама ҳовлини олган фонднинг Дмитрий Медведевга алоқаси йўқ. Буни бош вазирнинг курсдоши Илья Елисеев Коррупцияга қарши кураш фонди гўёки бош вазирга алоқадор бўлган компания фаолияти ҳақида олиб бораётган текширувни изоҳлаш сўровига жавобан маълум қилди, деб ёзади «Ведомости».
Елисеев «Дар» фонди, бош вазирнинг рафиқаси Светлана Медведева президентлик қиладиган Ижтимоий-маданий ташаббуслар фонди ва бошқа бир қатор фондларда кузатув кенгаши раиси бўлиб ишлайди.
Коррупцияга қарши кураш фонди (ККФ) 2 март куни эълон қилган текширувда Илья Елисеев ҳамда у билан боғлиқ «Дар» ва «Соцгоспроект» фондлари Медведевнинг манфаатлари йўлида фаолият юритаётганлиги айтилади. Фонд, шунингдек, Бош прокуратурага ушбу фонддаги қонунбузарликлар ҳақида аризалар берди.
Уларда таъкидланишича, 2010 йил августида «Соцгоспроект» бизнесмен Алишер Усмоновдан хайрия шартномаси бўйича бепулга Рублёвкада жойлашган ҳовлини қабул қилиб олган. «Усмоновнинг тадбиркорлик фаолияти давлат шартномалари, шунингдек, Медведев қабул қиладиган норматив ҳужжатларга боғлиқ бўлгани туфайли, 5 миллиард рубллик кўчмас мулкнинг бу тарзда берилиши пора ҳисобланади», — дейилади аризада.
«Менга алоқадор бўлган тижорат ва нотижорат ташкилотлар қонун томонидан рухсат берилган фаолият билан шуғулланади. Ушбу юридик шахслар сиёсий арбоблар ёки давлат хизматчилари билан боғлиқ эмас», — деди Елисеев.