Давлат рақобат қўмитаси раиси Даврон Ҳидоятов Тошкент бюроси раҳбари Рафаэль Жозан бошчилигидаги Франция тараққиёт агентлиги (AFD) вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда «Дарё»га қўмита ахборот хизмати маълум қилди.
Учрашувда Ўзбекистонда аграр соҳада ислоҳотлар ўтказиш, қишлоқ хўжалиги диверсификацияси стратегиясини ишлаб чиқиш, рақобатбардошликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.Франциянинг қишлоқ хўжалигидаги бой тажрибаси, мамлакат томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар жаҳон бозорида юқори баҳоланишини инобатга олиб, мазкур йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратилди.
Томонлар агрологистик марказлар ташкил этишга қизиқиш билдирган ўзбекистонлик фермерлар учун Франциядаги улгуржи-тарқатиш марказларига танишув сафарларини ташкил этиш борасида келишувга эришди.