Тадбиркорлар ва савдо нуқталари эгалари виртуал терминалларни улаш имкониятига эга бўлди, унинг ёрдамида улар Click тизими орқали пластик карталардан тўловларни қабул қилиши мумкин, деб ёзади «Газета.uz». Indoor-тўловлар ечими шарофати билан пластик карталардан тўловларни ҳақиқий терминалсиз қабул қилиш мумкин бўлди.
Виртуал ҳисоб-китоб терминали тўловларни ўтказиш борасида нафақат бир хил функцияга эга, балки бир қатор афзалликлари ҳам мавжуд. Хусусан, савдо нуқталари мижозлари тўловни бевосита мобил телефондан амалга ошириши мумкин, бунда операция шу лаҳзадаёқ сотувчида акс этади ва SMS орқали хабар берилади.
Тўловни ўтказиш учун интернетга уланиш шарт эмас, тўловлар ҳатто электр таъминоти бўлмаганида ҳам амалга ошиши мумкин.
«Indoor-тўловлар анъанавий тўловлардан тезкорроқ, мижозлар бегона одамларга ўз PIN-кодларини айтиши шарт эмас, тўловларни, ҳатто пластик карта ёнингизда бўлмаса ҳам, амалга ошириш мумкин», — деди Click бош директори Улуғбек Рустамов.