Ўрта муддатли истиқбол учун Ўзбекистон Республикасида туризмни ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида муҳокама этилмоқда. Унда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатда туризмни ривожлантиришни қийинлаштираётган ва сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланишга тўсқинлик қилаётган асосий сабабларни ва уларни бартараф этиш чораларини келтириб ўтган.
Бундай ечимлар 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик тармоғини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича муайян чора-тадбирлар дастурида келтирилди.
Дастурнинг ўрнашиш воситалари ва туризм инфратузилмасининг бошқа объектлари фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлимида бугунги кунда Ўзбекистонда McDonald’s, Burger King, Starbucks, KFC ва жаҳонда кенг тарқалган бошқа брендлар йўқлиги, сайёҳлар бундай муассасаларга эътибор қаратиши ва бу улар учун қўшимча қулайлик бўлиши айтилади.
Шу асосда эса Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига сайёҳлик соҳасига хорижий инвестицияларни, айниқса, дунёга машҳур меҳмонхоналар, ресторанлар, кафе ва тез овқатланиш пунктлари тармоқларини жалб этиш юкланди.
Изоҳ (0)