Тошкентнинг Чилонзор туманида 23 февраль куни Олий хўжалик суди биноси ортида жойлашган, «Қишлоқ қурилиш лойиҳа» корхонасига тегишли бинода ёнғин юз берди.
«Кун» нашрининг Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасига асосланиб хабар беришича, ёнғин ҳақидаги ахборот Марказий диспетчерлик хизматига 16:36 да келиб тушган.
Орадан 10 дақиқа ўтиб ҳодиса жойига иккита ўт ўчириш автоэкипажи етиб келганида, олов бинонинг дастлабки уч қаватини қамраб олган бўлган. Шундан сўнг қўшимча экипажлар чақирилган.
«Газета.uz»нинг қайд этишича, 17:13 да оловни ўчириш учун 12 та автоэкипаж етиб келган. Ўт ўчирувчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан 18:06 да ёнғин қуршаб олинган, 18:16 да эса бутунлай ўчирилган.
Ёнғин оқибатида бинонинг биринчи, иккинчи ва учинчи қаватли тўлиқ (800 квадрат метр майдон) ёнган, тўртинчи ва бешинчи қаватларнинг ташқи қисмлари ёнғиндан қисман зарар кўрган. Ёнғин сабаблари ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Аниқлик киритишларича, бинонинг дастлабки учта қавати либос тикишга ихтисослашган Hamza Collection компаниясига тегишли, тўртинчи қаватда «ДИ-Ихлос» компанияси фаолият олиб борган, бешинчи қаватда Ўрмон хўжалиги лойиҳа институти бўлган. Бинонинг шарқий қанотида Тошкент вилояти прокуратураси жойлашган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)