2016 йилнинг энг яхши футбол ҳаками сифатида тан олинган англиялик рефери Марк Клаттенбург Саудия Арабистони футбол федерацияси билан ҳамкорлик қилиши айтилганди. Унга кўра Клаттенбург мамлакат футбол ҳакамлари қўмитасига раҳбарлик қилиши керак эди.
«Sports.ru» нашрининг аниқлик киритишича, Клаттенбург янги иш жойида йилига 500 минг фунт маош олади. Бунда солиқлар инобатга олинмаган бўлиб, ҳакамнинг қўлига тегадиган сумма айнан шунчани ташкил қилади.
41 ёшли мутахассиснинг шартномаси қанчага мўлжаллангани ҳақида маълумот йўқ. Аввалроқ бу лавозимда англиялик бошқа бир рефери Ҳовард Уэб ишлаб кўрганди.
Маълумот учун, Хитой футбол федерацияси ҳам Марк Клаттенбургнинг хизмати билан қизиқиб, унга Саудия Арабистонидагидан икки марта кўпроқ пул таклиф қилганди. Бу таклиф Марк Клаттенбургга нима сабабдан ёқмагани борасида аниқ маълумотлар йўқ.
Марк Клаттенбург 2016 йилда иккита йирик мусобақанинг финал ўйинларида ишлади. У аввалига Европа Чемпионлар лигасида, кейинроқ Евро—2016 да ҳал қилувчи учрашувларни бошқариб борганди.
Изоҳ (0)