Чехия парламенти депутатлар палатаси раиси Ян Гамачек бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълум қилди.
Ташриф доирасидаги дастлабки учрашув 9 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтди.
Чехия парламенти депутатлар палатасининг раиси Ян Гамачек самимий қабул учун ўз миннатдорчилигини билдириб, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва доимий равишда сиёсий мулоқотни олиб бориш муҳимлиги ва бу каби масалалар бошқа йўналишлардаги икки тарафлама ҳамкорликнинг ривожланишига асос бўлиб хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Чехия билан ҳамкорликни янада жонлантириш юзасидан олиб борилаётган ишларни юқори баҳолаб, ўз навбатида, Ян Гамачек парламентлараро муносабатларни ўзаро тажриба алмашиш ва икки тарафлама ташрифлар орқали ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши ҳақида фикр билдирди.
Учрашув якунида икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, мазкур ташрифлар эса парламентлараро алоқаларни янада юқори босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.
Ташриф дастурига кўра, вазирликларда учрашувлар ўтказиш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)