Кадрлар билан ишлаш жараёнларини автоматлаштиришни самарали ташкил этиш мақсадида Меҳнат вазирлиги базаси асосида Ўзбекистонда биринчи маротаба «Кадрлар» намунавий ахборот тизими (НАТ) пилот лойиҳа тарзида жорий этилди. Лойиҳа барча давлат органларида кадрлар хизматларининг ишларини тизимлаштирадиган ҳамда барча давлат идоралари ходимлари тўғрисидаги маълумотларни бирлаштирадиган Ягона миллий идоралараро ахборот майдони ҳисобланади. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ахборот тизими Меҳнат вазирлиги тасарруфидаги ташкилотлар ва Электрон ҳукумат тизимида синовдан ўтказилди. Бугунги кунда ушбу тизимга 85 та вазирлик ва идоралар уланган, кейинчалик эса «Кадрлар» НАТдан мамлакатнинг икки юз мингдан ортиқ давлат ташкилоти фойдаланиши режалаштирилмоқда.
Ушбу янги тизим ўз ичига бир неча қисмлар ёки кичик тизимлар, жумладан, «Кадрлар менежменти», «Вакант жойлар миллий базаси», «Кадрларга доир сўровнома-маълумотлар базаси», «Кадрларга доир сўровнома-маълумотлар реестри» ва бошқаларни қамраб олган.
Ахборот тизими Миллий кадрлар портали билан ўзаро боғланган, вазирлик томонидан фойдаланиладиган барча ахборот тизимларига, ягона кириш жойидан фойдаланган ҳолда Вакант жойлар миллий базасига ҳисоботлар тақдим этишни ҳам таъминлайди.
Шунингдек, ушбу янги ахборот тизимидан республиканинг барча ҳудудларида фойдаланиш имконияти яратилган ва фойдаланувчининг ихтиёрига кўра фойдаланиш тилини танлаш ҳамда порталда рўйхатдан ўтишда фойдаланувчига SMS орқали хабар етказиш йўлга қўйилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)