Роттнест оролидан Австралияга квокка — калта думли кенгуру қочиб кетди. Энди Перт шаҳри расмийлари ҳайвонни қидирмоқда, чунки ноодатий муҳитда у ҳалок бўлиши мумкин, деб ёзади Meduza.
Уни биринчи бўлиб шаҳар чиқиндиларни қайта ишлаш маркази ходими учратиб қолди. У ЖАРдан бўлганлиги учун бундай ҳайвоннинг мавжудлиги ҳақида билмаган шекилли, катта каламушга дуч келганлигини тахмин қилди.
Эркак «Катта каламуш»нинг хира суратларини ҳамкасбига кўрсатди, у эса суратда калта думли кенгуру эканлигини маълум қилди. У овқат қидириб чиқинди контейнерига чиққан, шундан сўнг контейнер баржага ортилиб, Роттнестдан Пертга келиб қолган бўлиши мумкин.
Квоккалар ўз оролида хавфсиз шароитда ҳаёт кечиради, чунки у ерда йиртқич ҳайвонлар йўқ, автомобиллар эса тақиқланган. Материкка келиб қолган ҳайвоннинг тақдири хавотир уйғотмоқда.
Қочиб кетган квокка қаерга кетиб қолганлиги ҳозирча номаълум. У чиқиндилар ичига яшириниб олган ёки марказ ўраб олинган девордан тирқиш топган бўлиши мумкин.
Ҳайвон топилган тақдирда ҳам у энди Роттнестга қайтмайди, чунки у бирор инфекция юқтириб олган бўлиши ва уни оролдаги турдошларига ҳам тарқатиши мумкин. Квокка маҳаллий ҳайвонот боғи ёки ёввойи табиат боғига жойлаштирилади.
Изоҳ (0)