20 январь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг инаугурацияси бўлиб ўтади. Қасамёдга келтирилгач, сиёсатчи ушбу лавозимни расман эгаллайди.
Трамп аллақачон Обама даврида қабул қилинган қонунларнинг 70 фоизини бекор қилишга ваъда берди. Айниқса у ва унинг партиядошлари obamacare ташаббусига жиддий қаршилик кўрсатмоқда ва бу борада Сенатнинг ҳам розилигига эришди.
Шу муносабат билан «РБК» Трампнинг сайловолди кампаниясида берган асосий ваъдаларини ёдга олди.
26 декабрь куни Трампнинг елкадоши, АҚШ Конгрессининг собиқ спикери Ньют Гингрич интервьюларидан бирида сайланган президент Обама даврида қабул қилинган қонунларнинг 70 фоизини бекор қилишини айтди.
«Ўйлашимча, биринчи кунларда у Обамадан мерос қолган қонунларнинг 70 фоизини ёки кўпроғини бекор қилади», — таъкидлади сиёсатчи.
Бекор қилиниши кутилаётган ташаббуслар орасида биринчи ўринда тиббиёт ислоҳоти турибди. Охирги ўн йилликларда АҚШда амалга оширилган энг кенг миқёсли ислоҳот Трампнинг партиядошлари томонидан кўпдан буён танқид остига олиб келинади.
Трамп obamacare’ни бошқа қонун билан ўзгартиришини, тиббиёт соҳасини федерал молиялаштириш назоратининг катта қисмини штатларга топширишини айтмоқда.
Сенат тиббий ислоҳотни бекор қилиш жараёнини бошлаш таклифини 12 январь куни маъқуллади. Сенаторларнинг 48 фоизи таклифга қарши чиқди, 51 нафар сенаторнинг фикрича эса, ислоҳотни тўхтатиш зарур.
Шунингдек, Трамп Канада, Мексика ва АҚШ ўртасидаги эркин савдо келишувини (NAFTA) қайта кўриб чиқиши ҳамда Транстинч океани ҳамкорлиги келишувини (TPP) бекор қилишини айтмоқда.
NAFTA импорт йўлидаги кўп тўсиқларни олиб ташлайди, шу боис у Трамп томонидан танқид остига олинмоқда. Маълумки, Трамп АҚШда янги иш ўринлари яратиш ҳамда қайта саноатлаштиришни ўтказиш мақсадида импорт солиқларини оширишни, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга эса имтиёзлар беришни режалаштирмоқда. Бошқа давлатлар билан енгиллаштирилган импорт келишувлари эса бу сиёсатга зид келади.
Трампнинг дастурига мувофиқ, АҚШ автомобиллари ишлаб чиқарилиши яна АҚШга қайтарилади. Бугунги кунда АҚШнинг кўпгина йирик автомобилсоз компаниялари ишчи кучи арзон, солиқлар енгил мамлакатларга ишлаб чиқаришни олиб чиқиб кетмоқда. Заводлар АҚШда эмас, Мексикада, Хитойда ва бошқа давлатларда қурилаётгани боис АҚШнинг чекка ҳудудларида ишсизлик даражаси ортиб бормоқда.
Шу туфайли Трамп автомобилсозларга имтиёзлар бериш йўли билан уларни мамлакатга қайтармоқчи. Жумладан, у Ford ва Fiat Chrysler компаниялари АҚШда иш ўринлари яратишга рози бўлгани учун уларга миннатдорлик билдирди, Toyota’га эса каттароқ божлар билан таҳдид қилди.
Трамп, шунингдек, Россия билан муносабатларни яхшилашга ваъда бермоқда.
Ўзининг январь ойи бошидаги сайланган президент сифатида берган илк матбуот анжуманида Трамп мазкур масалага узоқ тўхталди ҳамда Владимир Путин билан муносабатларни яхшилаш орқали икки мамлакатни ўзаро яқинлаштиришни режалаштираётганини тан олди.
Унинг Россияга хайрихоҳ қарашлари туфайли баъзи журналистлар сиёсатчининг ғалабасини Россия хакерларига нисбат берди, аммо Трамп Россия билан алоқадорлигини инкор этди.
Бундан ташқари, Трамп ядровий салоҳиятни ошириб бориш тарафдоридир. У сайловолди кампаниясда ядровий қуролланишни давом эттириш ва модернизация қилиш заруратини таъкидлаб ўтган эди.
Трамп «катта бизнес учун зарарли» қонунларни бекор қилмоқчи. Унинг фикрича, йирик корпорациялар улкан миқдорда солиққа тортилиши мамлакат иқтисодиётига катта зарар келтирмоқда. Солиқлардан қочиб корпорациялар мамлакат ташқарисига чиқиб кетмоқда ва бошқа мамлакатларда арзон ишчи кучи ҳамда солиқ имтиёзларига эга бўлмоқда.
Трамп бундай ҳолатга чек қўймоқчи. Бунинг учун у биринчи галда истеъмолчиларни молиявий ҳимоя қилиш бюросини тугатишни ҳамда энергетик субсидиялар соҳасидаги давлат сиёсатини бутунлай ўзгартиришни режалаштирмоқда.
АҚШнинг сайланган президенти АҚШдан Мексикага пул ўтказмаларни чеклашни ёқлаб чиқмоқда. Иш ўринларини муҳожирлардан маҳаллий аҳоли вакилларига олиб беришга кўп урғу берадиган сиёсатчи бунда ўзининг асосий рақиби сифатида Мексикани кўрмоқда. Ҳатто Мексика ва АҚШ чегарасида девор қуриш режалари ҳақида гапирмоқда. Бунга жавобан Мексика президенти девор учун пул тўламаслигини билдирди.
Ниҳоят, АҚШнинг бўлажак раҳбари НАТО билан муносабатларни қайта кўриб чиқмоқчи. Трамп НАТОни эскирган иттифоқ деб ҳисоблайди ва шу муносабат билан европаликларга ўз хавфсизлиги ҳақида ўзи ўйлашини таклиф қилиб келади. Шунингдек, у АҚШнинг альянсдаги иттифоқчиларини бир неча бор танқид остига олган.
«Биз уларни ҳимоя қиламиз, ҳарбий ёрдам кўрсатамиз, улар эса Қўшма Штатларни ўмаради. Биз нима қиламиз? Ҳеч нарса», — деб альянсга ўз муносабатини билдирган эди Трамп.
Изоҳ (0)