Донбассдаги Boeing қулаган жойда ҳалигача кўплаб самолёт парчалари ва, эҳтимол, жасадлар қолдиқлари бор. Бу ҳақда Донбассда бўлиб қайтган голландиялик журналист Стефан Бек маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Журналистнинг Донбассга ташрифдан кўзлаган мақсади ҳудуддаги одамлар низо туфайли қандай азоб чекаётгани, уларнинг Украина, Россия, Донбассга муносабатини кўрсатиб беришдан иборат бўлган. Сафарнинг сўнгги кунидагина у маҳаллий журналистлар билан бирга ҳалокат жойига борган ва ҳайратланарли манзарага гувоҳ бўлган. «Бутун ҳудуд ҳеч қачон диққат билан текширилиб, титиб чиқилганга ўхшамади, чунки ҳар жойдан самолёт бўлакларини топиш мумкин эди», — деди Бек.
«Бу парчалар ҳеч йиғиб олинмаган эди. Бундан ташқари, тергов инсон қолдиқлари бўлиши мумкин бўлган материалларни ҳам қолдириб кетган эди», — дея қўшиб қўйди у.
Бек ҳамкасби билан материалларнинг бир қисмини Голландияга олиб кетиб, мустақил текширув олиб боришга қарор қилган, аммо мамлакатга келгач, полиция улардан барча материалларни, шунингдек, камералар, хотира карталари, телефонлар ва ноутбукларни олиб қўйган.
Журналист Донбассда ўзи интервью олган одамлар тақдиридан хавотирда эканлигини, чунки видеоёзувлар орқали уларнинг шахсини аниқлаш мумкинлигини айтди.
Изоҳ (0)