Италиялик машҳур мутахассис Марчелло Липпи бошчилик қилаётган Хитой терма жамоаси январь ойининг иккинчи ўн кунлигида халқаро турнирда иштирок этади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
10—15 январь кунлари оралиғида Хитойда Чили, Исландия ва Хорватия терма жамоалари меҳмон бўлади. Регламентга кўра, Хитой ярим финал ўйинида Исландия билан беллашса, Чили ва Хорватия ўзаро ҳисоб-китоб қилади. Ғолиблар финалда тўп суради, мағлублар эса мусобақанинг 3-ўрин эгасини аниқлаш учун саф тортади.
Мазкур беллашувлар давомида Липпи терма жамоага номзод футболчиларни синовдан ўтказиб олади. Бу ЖЧ—2018 нинг 23 март куни бўлиб ўтадиган расмий саралаш ўйини олдидан тайёргарликнинг бир қисмига киради.
Маълумот учун, Хитой терма жамоаси саралашдаги муваффақиятсизликлар сабаб Гао Хунбога чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйиб, жамоага Марчелло Липпини таклиф қилган ва уни дунёда энг катта маош олувчи мутахассисга айлантирганди. Липпи 2006 йил Италия терма жамоаси билан жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.
Хитой терма жамоаси Липпи бошқарувида 1 та ўйинда иштирок этиб, Қатар билан 0:0 ҳисобига имзо чеккан. Аввалроқ Қатар ҳам амалдаги бош мураббийни истеъфога чиқариб, унинг ўрнига Хорхе Фосаттини бошчи қилганди.
Халқаро турнирда иштирок этиш учун Хитойга ташриф буюраётганлардан Чили Копа Америка мусобақасининг кетма-кет иккитасида зафар қучган ва ҳар иккисида ҳам Месси тўп сурадиган Аргентина термасини финалда мағлуб этганди.
Хорватия ва Исландия терма жамоалари эса Евро—2016 мусобақасида чорак финалга қадар етиб борди ва мухлислар олқишига сазовор бўлди. Бу уч мамлакатнинг асосий футболчилари Хитойга келадими ёки йўқ, аниқлик киритилмаган.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси қишки йиғинлар доирасида Арманистон ва Грузия термаларига қарши ўйинларда майдонга тушади. Мазкур беллашувларда ҳеч қайси мамлакатнинг асосий футболчилари ҳаракат қилмайди.