Янги йил байрамини кўп харажат қилмасдан нишонлаш мумкинми?
Байрам арафаси ҳаммамиз учун жуда қувончли ва ёқимли бўлади. Шоҳона дастурхон ясатиб меҳмон кутасиз, яқинларингизга совғалар улашасиз. Лекин, баъзан байрамдан кейинги оила бюджетининг ҳисоб-китоблар натижасини кўриб кайфиятингиз тушиб кетади. Ахир ҳали маошгача анча яшашингиз керак-ку!
Хўш, байрамни қандай қилиб кўп харажатсиз ва яхши ўтказиш мумкин?
Режа – иқтисод асоси
Одатда Янги йил байрами учун қилинадиган асосий харажат турлари уч қисмдан иборат бўлади: совғалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, ўйин-кулги. Олдиндан Янги йилни кимлар билан кутиб олишингизни, кимларга совға бермоқчи эканлигингизни тахминан бўлса ҳам ёзиб чиқинг. Меню тузинг ва бу овқатлар учун қандай маҳсулотлар кераклигини, тахминий нархларини ёзинг ва охирида ҳаммасини жамланг. Оилавий бюджетингиз қолдиғига қараб режалаштираверинг.
Олдиндан сотиб олинг
Олдиндан режалаштиришда икки мақсад кўзланади. Биринчидан, шошилиб қолишга ва нотўғри қарор қабул қилишга йўл қўймайди. Иккинчидан, харажатни анча камайтиришга ёрдам беради. Шунинг учун, совғаларни сотиб олишни кейинга қолдирманг.
Анъаналар меъёрида бўлгани яхши
Агар овқатларни танлашга эътибор билан ёндашсангиз, исрофгарчиликнинг олдини олиш мақсадида ҳам озиқ-овқат маҳсулотларига кетадиган харажатларни анча камайтириш мумкин. Дастурхонни фақат тансиқ таомлар билан тўлдириш шарт эмас. Кўпчилик уй бекалари арзон маҳсулотлардан ҳам ширин ва ажойиб таомлар тайёрлай олишади.
Изоҳ (0)