Ўнга яқин давлат Украинага қўшинларини юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда аноним манбаларга таяниб, Bloomberg хабар берди.

Европа етакчилари 19 август куни бўлиб ўтган онлайн учрашувда Украинадаги уруш тугагач қўшин юборишни муҳокама қилган. Хусусан, тинчлик келишуви доирасида Британия ва Франция ҳарбийларини юборишни кўриб чиқмоқда. Қўшинларнинг сони ва жойлашувига аниқлик киритилмаган.
Режанинг биринчи босқичи украиналик ҳарбийларни ўқитиш ва шахсий таркибни тўлдиришни назарда тутади. Бу орқали Украина Қуролли кучларини мустаҳкамлаш режалаштирилган.
Бу билан “асосан европалик ҳарбийлардан иборат кўп миллатли гуруҳ”, жумладан, фронт чизиғидан узоққа жойлаштириладиган Буюк Британия ва Франциянинг “юзлаб” аскарлари шуғулланади, дейилади хабарда.
Режанинг яна бир қисми АҚШ томонидан разведка маълумотларини алмашиш, чегараларни кузатиш, қурол-яроғ ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини етказиб беришни ўз ичига олади.
Хавфсизлик кафолатлари яқин кунларда келишиб олинади
Қўшин юбормоқчи бўлган “кўнгиллилар коалицияси” яқин кунларда америкалик ҳамкасблари билан учрашиб, “ишончли хавфсизлик кафолатларини ва жанглар тўхтатилган тақдирда қўллаб-қувватловчи кучларни жойлаштиришга тайёргарлик” масаласини муҳокама қилади.
Bloomberg манбалари хабар беришича, ушбу музокараларда НАТОнинг Европадаги бош қўмондони генерал-лейтенант Алексус Гринкевич, альянсга аъзо мамлакатларнинг мудофаа штаблари бошлиқлари иштирок этади. АҚШ президенти Дональд Трамп хавфсизлик кафолатлари доирасида Украинага қўшинлар юборишни “мутлақо истисно этган”.
Изоҳ (0)