Футбол бўйича кучли бешлик миллий чемпионатларининг икки клуби амалдаги бош мураббийларга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди.
Испаниянинг «Малага» клуби мамлакат кубогининг 1/16 финалида қуйи дивизион жамоаси довонидан ўта олмаганди. Учрашувнинг эртасига машҳур мураббий Хуанде Рамос истеъфога чиқарилди.
«Малага» Ла Лига 16-туридан кейин 21 очко жамғариб, 11-ўринни эгаллаб турганди. Рамос бошқарувида клуб 5 та ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди ва яна шунчасида мағлуб бўлди. Қолган 6 тасида муроса кўчасига кўнди. Жамоанинг мавсум давомида қилган энг катта иши 12-турда «Камп Ноу»да «Барселона» билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнагани эди.
Маълумот учун, 62 ёшли мутахассис Хуанде Рамос ўз вақтида «Севилья», «Тоттенҳэм» , «Реал», ЦСКА»(Москва) каби жамоаларда ҳам ишлаган. У ўзининг энг ёрқин дамларини «Севилья»да ўтказган бўлиб, УЕФА Кубоги (2005/06 ва 2006/07), Европа Суперкубоги (2006), Испания Кубоги (2006/07), Испания Суперкубоги (2007) каби турнирларда зафар қучган. Мадриднинг «Реал» клуби билан эса мавсумни 2-ўринда якунлаган.
Рамос билан бир кунда 55 ёшли инглиз мутахассиси Алан Пардью ҳам истеъфо берди. Унинг «Кристал Пэлас» билан қайд этаётган натижалари раҳбариятни қаноатлантирмади.
Лондон клуби ортда қолган 17 турдан кейин туманли Альбионда 17-ўринда бормоқда: 4 та ғалаба, 3 та дуранг ва 10 та мағлубият. «Кристал Пэлас» Англия Лига Кубогидаги иштирокига биринчи ўйиндаёқ якун ясаганди.
Англиянинг асосан ўртамиёна жамоаларида ишлаб келган Пардью катта натижаларни қўлга киритмаган. У ўз вақтида «Вест Ҳэм», «Саутгемптон», «Ньюкасл» каби клубларни бошқарган.
Изоҳ (0)