Гамбиянинг сайланган президенти Адама Барроу амалдаги давлат раҳбари Яйя Жаммени дарҳол истеъфога чиқиб, ҳокимиятни унга топширишга чақирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Бир муддат илгари Жамме 1 декабрь куни бўлиб ўтган сайлов натижаларини Олий судда шубҳа олиш нияти борлигини билдирган эди.
Муаммо шундаки, мамлакатда Олий суд раиси вазифасини бажарувчи, нигериялик Эммануэл Фагбенде бир йил муқаддам Жамме тарафидан ушбу лавозимга тайинланган эди. Унга қадар Олий суд раҳбари бўлган покистонлик Али Навоз Чоухан ҳамда суд аъзоси бўлган икки гамбиялик эса истеъфога чиқарилган эди. Аммо Олий суд Жамменинг апелляциясини кўриб чиқиши учун у тўлиқ таркибда бўлиши лозим, Жамме эса сайловда мағлуб бўлгани боис ҳеч кимни тайинлашга ҳуқуқли эмас.
Барроу ўзини муваққат давлат раҳбари деб эълон қилиб, Жамме сайлов натижаларига эътироз билдиришга ҳақли эмаслигини эътироф этмоқда.
Бир муддат илгари Африка иттифоқи ҳам Жаммени истеъфо беришга чақирган эди.
Гамбияни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Яйя Жамме 1 декабрда бўлиб ўтган президент сайловида 36,7 фоиз, унинг мухолифатчи рақиби Адам Барроу эса 45,5 фоиз овоз олди. 3 декабрда Жамме мағлубиятини тан олди, бироқ бир ҳафтадан сўнг сайлов комиссиясидаги «йўл қўйиб бўлмас камчиликлар»ни рўкач қилиб, янги сайловлар ўтказишга чақирди.
Изоҳ (0)