НАТО Сурияда Башар Асаднинг Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳукумат армияси ҳужумларининг давом этаётганлигидан ташвишланмоқда. Бу ҳақда альянс бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселдаги матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади «РБК».
«Биз Суриядаги қуролли можарода зўравонликни тўхтатиш ва гуманитар ёрдам етказишни қайта йўлга қўйишни ўз ичига олувчи сиёсий ечимга даъват қилишда давом этамиз», — дея таъкидлади у.
Столтенберг, шунингдек, Сурия ва Ироқдаги можароларда АҚШ бошчилигидаги коалициянинг ролига урғу берди. Унинг сўзларига қараганда, икки мамлакатда коалиция ҳужум ҳаракатларини давом эттирмоқда, ИШИД эса чекинмоқда.
«Мосул қулагандан кейин маҳаллий қуролли кучлар ҳудудни қўлдан чиқармаслиги лозим, бунинг учун уларнинг потенциалини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади», — деди Столтенберг.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)