2016 йил охирида Ўзбекистон Халқ шоири, май ойида оламдан ўтган Эркин Воҳидовнинг 80 йиллиги кенг миқёсда нишонланади. Бу ҳақдаги қарор 7 декабрь куни имзоланди, деб хабар беради «Газета.uz».
Ҳужжатда атоқли шоир ва ёзувчининг ижодий мероси улкан аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаб ўтилади. Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига, ёшларни ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга улкан ҳисса қўшди.
Эркин Воҳидовнинг 80 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш доирасида унинг танланган асарлари ўзбек тилида, шунингдек, шеърий тўпламлари инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржимада чоп этилади. Бундан ташқари, шоирга ҳайкал ўрнатилади, унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм тайёрланади.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Эркин Воҳидов ижодининг халқимиз маънавий ҳаётидаги роли ва ўрни» мавзуида илмий конференция ўтказилади.
Турли даражадаги таълим даргоҳлари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоирлар, ёзувчилар ва санъат намояндалари иштирокида учрашувлар ва адабиёт кечалари уюштирилади.
Республика театрларида Эркин Воҳидов асарлари асосида спектакллар қайтадан намойиш этилади.
Ниҳоят, декабрь ойининг охирги ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида Эркин Воҳидовнинг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечаси ўтказилади.
Изоҳ (0)