Афсонавий футболчилар — бразилиялик Пеле ва аргентиналик Диего Марадона бортида Бразилиянинг «Шапекоэнсе» жамоаси футболчилари кетаётган самолётнинг Колумбияда ҳалокатга учраши муносабати билан ҳамдардлик изҳор қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Бразилия футбол оиласи чуқур мотамда. Бу фожиа. Ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлигимни билдираман», — деб ёзди Пеле Twitter’даги саҳифасида.
«Колумбидаяги фожиали авиаҳалокат қурбони бўлган барчанинг қариндошларига таъзиямни етказаман. Афсуски, бу йигитлар нотўғри рейс танлади. Бугундан бошлаб мен ‘Шапекоэнсе’ мухлисиман», — деб ёзди Марадона Facebook’даги саҳифасида.
Лайнер 29 ноябрга ўтар кечаси Ла-Уньон шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Ҳаво кемаси бортида 72 йўловчи ҳамда 9 нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт ичида футбол бўйича Бразилия А сериясида ҳаракат қилаётган «Шапекоэнсе» клубининг 27 футболчиси бўлгани ҳам хабар қилинганди.
«Шапекоэнсе» футболчилари 1 декабрь куни Копа Судамерикано – Жанубий Америка минтақаси клублари ўртасидаги Копа Либертадорес турниридан кейин нуфузи жиҳатдан иккинчи ўринда турадиган мусобақаси доирасида «Атлетико Насьональ» клубига қарши майдонга тушиши керак бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Колумбиядаги авиаҳалокат оқибатида қурбон бўлганлар сони 75 кишига етди.
Бразилияда авиаҳалокат қурбонлари хотирасига мотам эълон қилинди.
Изоҳ (0)