Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали маълумот берди.
Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди.
Депутатлар ўз ишларини «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошлади.
Шундан сўнг парламент қуйи палатаси депутатлари «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.
Мажлис чоғида таъкидландики, «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маъмурий қамоқни ўташ соҳасидаги муносабатларни қонуний тартибга солиш, жумладан, мазкур муносабатлар субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашга, бу борадаги вазифаларнинг сўзсиз бажарилишига хизмат қилади.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси сиёсий партиялар фракциялари нуқтаи назарларини инобатга олган ҳолда қизғин ва эркин мунозара шаклида бўлиб ўтди. Депутатлар қонунларни қабул қилиш ҳамда уларни Сенатга юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мажлисда депутатлар бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилди.
Изоҳ (0)