Зимбабве президенти Роберт Мугабенинг рафиқаси Грейс Мугабе ҳукмрон партия ва ҳукуматда юқори лавозимлар учун курашиш нияти йўқлигини, у ҳозирнинг ўзида эри билан биргаликда давлат бошқаруви масалаларини ҳал қилишини айтди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Машоналэнд Уэст провинцияси аёллар лигаси билан учрашув чоғида Грейс Мугабе аллақачон президент эканлигини таъкидлаб ўтди.
«Мен президентнинг рафиқасиман, мен аллақачон давлат раҳбариман. Мен ҳамма нарсани президент билан бирга режалаштираман ва бажараман, яна ниманиям хоҳлашим мумкин», — унинг сўзларини келтиради News Day нашри.
51 ёшли Грейс Мугабе ҳукмрон партиянинг аёллар лигасига бошчилик қилади. Охирги пайтларда у вице-президент лавозимига келишни, сўнг 92 ёшли турмуш ўртоғининг ўрнини эгаллашни режалаштираётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Таҳлилчилар уни ва биринчи вице-президент Эммерсон Мнангагвани давлат раҳбарининг меросхўрлигига асосий даъвогарлар деб ҳисоблайди.
Изоҳ (0)