Канзас штати давлат котиби Крис Кобах АҚШнинг бўлажак президенти Дональд Трамп билан фотосессия чоғида журналистларга адашиб муҳожирлар билан ишлаш ислоҳотлари режасининг биринчи саҳифасини кўрсатди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Трампнинг Кобах билан учрашуви миллиардернинг Нью-Жерсидаги Bedminster гольф-клубида бўлиб ўтди. Суҳбатдан олдин сиёсатчилар биргаликда суратга тушди.
Давлат котиби учрашув учун тайёрлаб қўйилган бир қанча ҳужжатларни йиғиштиришни унутди, варақлардан биридаги ёзувни бир журналист суратга олди.
Ҳужжатда «Кобахнинг АҚШ ички хавфсизлик вазирлигига дастлабки 365 кун учун стратегик режаси» деб ёзилган. Унинг биринчи фасли эса «Потенциал террорчиларнинг мамлакатга кириши учун тўсиқ» деб аталади.
Биринчи пунктда Кобах АҚШда «хатарли зоналар»дан келган муҳожирларни рўйхатга олиш ва кузатиш тизимини қайтадан киритишни таклиф этади. Ушбу тизим NSEERS (Кираётган ва чиқаётганларни рўйхатга олишнинг миллий тизими) деб аталади. Ушбу тизимни Кобахнинг ўзи 2001 йил 11 сентябридан сўнг таклиф қилган эди. У мамлакатда 2002–2005 йилларда амал қилган эди.
Иккинчи пунктда Кобах хавфли ҳудудлардан келаётган муҳожирларга «қалтисроқ» саволлар беришни тавсия қилади. Жумладан, уларнинг шариатга, жиҳодга, жинсий тенгликка ва АҚШ конституциясига бўлган муносабатини ўрганиш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, сиёсатчи 1980 йилги актдан фойдаланган ҳолда суриялик муҳожирлар учун мамлакатга йўлни ёпиб қўйишни маслаҳат беради.
Иккинчи фасл муҳожирлар орасида жиноятчиликнинг даражаси юқорилигига бағишланади. Кобах жиноятга аралашган муҳожирларни мамлакатдан депортация қилиш таклифини беради. Учинчи фасл, журналистларнинг тахминича, чегарада девор қуриш билан боғлиқ. Тўртинчи фасл Кобахнинг қўли билан ёпилгани учун уни ўқиб бўлмади, бешинчисида эса сиёсатчи муҳожирларни АҚШда овоз ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклифини беради.
Изоҳ (0)