Хонанда Умидахон Ҳожиева Instagram’даги саҳифасида ҳамкасби Моҳимнинг янги ижод намунаси — «Ишон» қўшиғига ишланган видеоклипдан парча эълон қилди.
Видео остидаги дастлабки комментлардан бири қўшиқ туркиялик хонанда Айла Челикнинг «Bağdat» номли таронасига ўхшашлиги ҳақида бўлган.
Айла Челикнинг қўшиғи куйи бироз сокинроқ услубда ижро этилган бўлса, Моҳимнинг «Ишон»и бироз жадалроқ. Бироқ улар деярли бир хил, ҳатто сўзлари ҳам ўхшаш.
Хусусан, туркча қўшиқ ҳам, ўзбекча қўшиқ ҳам «Сени бугун севиш/ўйлашдан бошқа иш қилмадим» қабилидаги гап билан бошланган, нақоратнинг бошланиши эса иккисида ҳам бир хил («Мен дунёнинг энг буюк ошиғи бўлиб қоламан»).
Нақоратнинг учинчи бандида Айла Челик ҳам, Моҳим ҳам Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширинларни тилга олиб ўтган.
Маълумот учун, Айла Челикнинг қўшиғи 2016 йил май ойида тақдим этилган, Моҳимнинг қўшиғи аудиоси ноябрда интернетда пайдо бўлди.
«Popcorn.uz»нинг ёзишича, Моҳимнинг қўшиғи Нодир Азимов ва Рустам Тўлашев билан ҳамкорликда яратилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)