Жеки Чан 12 ноябрь, шанба куни кинематографга қўшган улкан ҳиссаси учун фахрий «Оскар»га сазовор бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Лос-Анжелесдаги Hollywood and Highland Center кўнгилочар масканида бўлиб ўтган маросимда шарқ яккакурашлари устаси кинодаги узоқ йиллик фаолиятига қарамай, мазкур нуфузли мукофотни олишга умид қилмаганини билдирди. Forbes маълумотларига кўра, Жеки Чан ҳозирда дунёнинг энг кўп ҳақ тўланадиган актёрлари рўйхатида 61 миллион доллар билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Жеки Чандан ташқари, фахрий «Оскар» бу йил америкалик ҳужжатли фильмлар режиссёри Фредерик Вайсман, кастинг-директор Линн Сталмастер, шунингдек, британиялик монтажчи аёл Энн Коутсга насиб этди.
Олдинлари мазкур мукофот «Оскар»нинг асосий маросими чоғида топшириларди. Бироқ кейинчалик унинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш учун махсус кеча ташкил этиладиган бўлди. Турли йилларда фахрий «Оскар»га Фрэд Астер, Лоуренс Оливе, Софи Лорен, Роберт Редфорд, Кирк Дуглас, Питер О’Тул ва бошқа кўплаб юлдузлар сазовор бўлган.
Изоҳ (0)