Футбол бўйича Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи Ули Штилике 15 ноябрь куни Ўзбекистонга қарши бўлиб ўтадиган ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди, деб ёзди «Championat.asia».
«Сўнгги босқичда ҳар бир ўйин қийин кечмоқда. Эртанги учрашувга кўп нарса боғлиқ», — деб гап бошлади Штилике. Аввалроқ Жанубий Корея терма жамоаси Ўзбекистонга имкониятни бой берса, немис мутахассиси истеъфога чиқиши ҳақида хабар пайдо бўлганди.
«Ўзбекистон сўнгги беш учрашувда фақатгина бир марта — Эрондан гол ўтказиб юборди. Бундан кўриниб турибдики, рақибнинг ҳимояси мустаҳкам. Канада билан беллашув каби ўйнай олсак, ҳаммаси жойида бўлади. Ўша куни ҳимоямиз ҳам, ҳужум чизиғи ҳам яхши ўйнади», — деди Канадани 2:0 ҳисобида мағлуб этган жамоа бош мураббийи.
«Ишонтириб айтаманки, футболчилар бўлажак ўйинга ҳам руҳий, ҳам жисмоний томонлама тайёр. Учрашув масъулиятини ҳамма бирдек тушуниб турибди».
Маълумот учун, Жанубий Корея — Ўзбекистон ўйини 15 ноябрь куни Тошкент вақти билан 16:00 да старт олади.
Изоҳ (0)