Ироқнинг Салоҳиддин вилоятида содир бўлган портлаш ва отишмалар қурбонларининг сони 43 кишига етди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Илгарироқ хабар қилинганидек, даставвал Тикрит шаҳрида худкушлик ҳужуми амалга оширилиб, бунинг оқибатида 15 киши ҳалок бўлди, 35 киши яраланди. Бироздан сўнг ундан 50 километр наридаги Самарра шаҳрида худкуш террорчи ал-Асқарий масжидига келган шиалар турган автотураргоҳда ўзини ҳавога учирди, бунинг оқибатида 12 киши қурбон бўлди. Зиёратчиларнинг ўн нафари Эрон фуқаролари эди.
Эрон ТИВ ҳужумларни кескин қоралади ва марҳумларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди.
«Бу Эрон миллати учун оғир йўқотишдир», — деди Эрон ТИВ расмий вакили Баҳром Қосимий.
Ироқ ҳукумати Тикрит ва Самаррада комендантлик соати эълон қилди.
Қурбонлар сони ортиши мумкин.
Изоҳ (0)