Жониворларни ҳимоя қилиш «Меҳр ва оқибат» жамияти вакилларининг «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси билан музокаралари натижасида эгалари билан бирга самолётда сафар қиладиган жонзотлар берилиши тартибига ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
«Меҳр ва оқибат» жамияти вакиллари ижтимоий тармоқларда ўтказган сўров натижаларидан маълум бўлишича, жониворлар багаж билан бирга берилиши оқибатида ит ва мушуклар багаж лентасидан йиқилган, шикастланган ҳолатлар бўлган. Шундай ҳодисага дуч келган ва итини даволатишга мажбур бўлиб, бунинг учун катта маблағ сарфлаган мижозлардан бирининг жамиятга мурожаати «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига мактуб йўллашга ундади.
Энди Ўзбекистондаги 11 аэропортда уй ҳайвонлари контейнерлари учиб келгандан сўнг багаждан алоҳида, шахсан эгаларининг қўлига, тилхат билан топширилади. Бунга риоя этмаслик ходимларга нисбатан жарима чоралари кўрилишига сабаб бўлади. Жониворлари билан учаётган йўловчиларга хизмат кўрсатиш тартибини белгиловчи ҳужжатларга ҳам тегишли ўзгартириш киритилди.
Изоҳ (0)