Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳридаги уйлардан бирининг ертўласида 36 ёшли Армандо ди Андради исмли шахс топилди. Дастлабки маълумотларга қараганда, у 20 йил давомида ота-онаси томонидан ертўлада, тўшакка кишанбанд этилган ҳолда сақланган. Бу ҳақда, Daily Mail’га асосланиб, «Вести.ru» хабар бермоқда.
Айтилишича, ди Андради соч-соқоли ўсиб кетган, қўл-оёғи тўшакка кишанланган бир аҳволда топилган. Ертўлада бирорта лампа бўлмаган.
Ди Андрадини топган полициячи Селсо Маркиорининг сўзларига қараганда, банди ўзи ҳақида бирор нарса айтиб бериш тугул, қаршисида ҳуқуқ-тартибот идоралари вакили турганини ҳам тушунмаган. Унга наркотик моддалар юборилгани тахмин қилинмоқда. Эркак зудлик билан шифохонага етказилди.
Қўшниларга ота-онаси Армандо Бразилиянинг бошқа қисмига кўчиб ўтганини уқтирган. Эркак ертўладан топилгач, унинг отаси ўғлини 18 йилдан бери кўрмаганини, у яқиндагина ўзини билмайдиган аҳволда қайтиб келганини айтди.
Эркакнинг отаси ва ўгай онасига қарши тергов бошланмади, аммо улар қўни-қўшниларнинг нафрати ва салбий муносабати туфайли уйни тарк этишга мажбур бўлди.