Япониянинг Тоттори префектурасида 6,6 магнитудали зилзила юз берди. Бу ҳақда мамлакатнинг Миллий метеорологик агентлиги маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Ер силкинишининг ўчоғи ўн километр чуқурликда жойлашган. Дастлаб метеорологик агентлик цунами таҳдиди ҳақида огоҳлантирди, бироқ кейинроқ уни бекор қилди.
Зилзиладан сўнг 5,0 магнитудали 25 га яқин афтершок кузатилди. Мамлакат миллий метеорологик агентлигининг маълум қилишича, такрорий зилзилалар ҳафта охиригача давом этиши ва 6 магнитудадан юқори яна бир кучли зилзила юз бериши мумкин.
«Синкансэн» тезюрар поездининг ҳаракати ҳамда тезюрар шоссенинг алоҳида ҳудудларида ҳаракатланиш тўхтатилган. 39,8 мингта хусусий уй ва квартирада энергия таъминоти вақтинча тўхтатилган. Окаяма префектурасидаги аэропорт учиш-қўниш йўлагини ёпиб қўйган.
Охирги маълумотларга қараганда, ўндан ортиқ одам жабрланган. Зилзила эпимаркази яқинида жойлашган Юрихама шаҳарчасида битта бино вайрон бўлган. Унинг яқинидаги Хокуэй шаҳарчасида ерости силкинишларидан сўнг автомобиль йўлида катта ёриқ пайдо бўлди.
Бош вазир Синдзо Абэ девонхонасида зилзила оқибатлари ҳақида маълумот тўплаш бўйича фавқулодда штаб ташкил этилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)