Россиянинг Байкалорти ўлкасидаги Борзя шаҳрида 10 ёшли болакай ёнаётган уйдан 1 ёшли синглисини олиб чиқди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Ёнғин 19 октябрь, чоршанба куни содир бўлди. Болакай синглиси билан ёнаётган уйнинг деразасидан ташқарига чиқди. Ёнғин бартараф этилди, болалар жабрланмади. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчириш ходимлари болалар учун тез тиббий ёрдамни чақирди», – дейилади хабарда.
Болакайнинг сўзларига кўра, унинг ота-онаси эрталаб печни ёқиб, ишга кетди. Болалар билан унинг холаси қолди. Кейинроқ у ҳам болаларни ёлғиз қолдириб, уй эшигини ёпиб кетди.
«Болакай печь олдидаги матрас ёнаётганини аниқлади ва уни кўчага олиб чиқишга уринди, аммо эшик берк эди. Шунда болакай матраснинг бир қисмини даҳлизга ташлади. Тутундан нафаси бўғилгани учун қолган қисми қолиб кетди. Отасининг курткасини кийиб олган болакай 1 ёшли синглисини қўлига олиб, уй деразасидан чиқиб кетди», – дея маълум қилди ФВВнинг ҳудуд бўйича давлат бошқармаси матбуот хизмати.
Ёнғин 10 дақиқадан сўнг бартараф этилди. Уйнинг 20 метр квадрат майдонига зарар етказилди.
Изоҳ (0)