Москванинг Гагарин суди 17 октябрь, душанба куни «Лукойл» вице-президентининг ўғли Руслан Шамсуаровни 300 соатлик жамоат ишларига жалб қилди. У Mercedes G63 AMG йўлтанламасида Москва кўчаларида пойга уюштириш юзасидан очилган иш бўйича полициячиларни ҳақорат қилишда айбдор деб топилди, деб хабар беради «Ведомости».
Судья Ольга Зельдинанинг сўзларига қараганда, Шамсуаров талаба эканлиги инобатга олинган ҳолда у мажбурий меҳнатга ўқишдан бўш вақтда тортилади.
Шамсуаровдан ташқари, Gelandewagen’даги пойга ишида унинг дўстлари — Виктор Усков ва Абдуваҳоб Мажидовлар судланди. Усков 300 соат мажбурий меҳнат ва 20 минг рубль жаримага тортилди. Мажидов эса оқланди. Илгарироқ у айбини тан олган эди.
2016 йил 22 май куни жавобгарлар Москвада Mercedes Gelandewagen машинасида йўл қоидаларини қўпол тарзда бузиб ҳаракатланган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларни тўхтатишга ҳаракат қилганида, ёшлар хавфли манёврлар содир этишда давом этган. Айбдорлар бўлаётган воқеаларни видеога олиб, интернет орқали трансляция юритган. Жараёнда улар полициячиларни ҳақорат қилиб борган, бундан ташқари, уларнинг соғлиғи ва ҳаётига хавфли хатти-ҳаракатларни амалга оширган.
Изоҳ (0)